Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Учкўприк тумани ҳокими Аброржон Асқаровнинг байрам тадбиридаги нутқи
2023-05-18 15:31:07 309
Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Жаннатмакон она юртимизга барчамиз орзиқиб кутган гўзал ва дилбар фасл – Наврўзи олам кириб келмоқда.
Мана шу улуғ айём, шарқона янги йил билан сиз азизларни — муҳтарам отахон ва онахонларни, мунис ва меҳрибон опа-сингилларимизни, жондан азиз суюкли фарзандларимизни, каттаю-кичик юртдошларимизни ва бутун Учкўприк аҳлини чин юракдан самимий муборакбод этаман.
Мана шу қутлуғ кунда сиз азизларга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, оилаларингизга тинчлик ва тотувлик, файз ва барака тилайман.
Муҳтарам дўстлар!
Бу йилги Наврўз байрами туманимизнинг барча маҳалла ва қишлоқларида умумхалқ сайллари тарзида ўтказилаётганлиги унга ўзгача файз ва шукуҳ бағишламоқда.
Юртдошларимиз дошқозонларда сумалаклар пишириб, дастурхонларга баҳор неъматларини тортиб, сайл ва томошалар қилмоқдалар. Шу ёруғ кунларга етказгани учун шукроналар айтмоқдалар. Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказиб, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан мамалактимизнинг барча ҳудудларида улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Халқимизни қувонтирган тарихий янгилик, яъни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида замонавий, намунавий типдаги арзон уй-жойлар, мактабгача таълим, умумтаълим ва тиббиёт муассасалари, маориф ва маданият масканлари барпо этилаётир. Қишлоқ ва маҳаллаларимиз кун сайин чирой очиб, юқори қувватли янги ишлаб чиқариш корхоналари ишга тушмоқда.
Олиб борилаётган барча ҳайрли ислоҳотларимиз замирида олийжаноб, меҳнаткаш ва оқкўнгил халқимизни рози қилишдек эзгу мақсад мужассамдир.
Азиз дўстлар!
Ўтган давр давомида туманимизда кўплаб тумандошларимиз давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Шулардан, «Азизов Акбарали» фермер хўжалиги бошлиғи Абдумуталиб Пайғамбаров «Содиқ хизматлари учун» медали билан, «Мендиева Ранохон» фермер хўжалиги раҳбари Ранохон Мендиева ҳам «Меҳнат шуҳрати» ордени билан, туман бош отинойиси Раънохон Эргашева “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан, туман адлия бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган Шукуржон Холматов “Шуҳрат” медали билан тақдирландилар.
Қадрли юртдошлар!
Наврўз – янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи.
Бобо деҳқонларимиз янги йилнинг ёғин-сочинга мўл, серҳосил, қут-баракали келишини, тўкин-сочин бўлишини сўраб дуога қўл очган.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг хилма-хиллигини кўпайтириш орқали халқимиз дастурхонини тўлдириш асосий вазифамиз ҳисобланади. Шу мақсадда жорий йил ҳам мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланилмоқда.
Айни пайтда миришкор деҳқонларимиз 7 минг гектардан ортиқ ерга экилган ғалла майдонларида униб чиққан майсаларни парваришламоқдалар.
Экилган ғалладан камида 40 центнердан ҳосил йиғиб олиб, халқимиз хонадонини донга тўладиришимиз даркор.
Бугунги кунда саноат ва деҳқончиликнинг барча бўғинларида кооперация ва кластерларни жорий этиш орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш муҳим вазифа бўлиб турибди.
Шу мақсадда жорий йилда амалга ошириладиган пахтачилик, ғаллачилик, паррандачилик ва чорвачилик йўналишида кооперация ва кластер тизимини кенг жорий этиш билан қишлоқ хўжалиги соҳасини барқарорлаштиришга ҳамда туманимиз иқтисодиётини юксалтиришга эришамиз.
Экспортга чиқариладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида жорий йилда туманда камида 20-
Ҳурматли, туманимизнинг миришкор деҳқон ва фермерлари!
Шу ўринда жорий йилда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича олдимизга қўйилган улкан режаларни ортиғи билан бажарилишида сизларга куч-қувват ва шижоат ҳамроҳ бўлишини яратгандан сўраб қоламан.
Зеро, бугун Сиз, олижаноб ва оқкўнгил туманимиз аҳлининг дастурхонини бут ва тўкис қилишдек ўта масъулиятили вазифани уддалашингизга ишончимиз комил.
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!
Халқимизда “Тинч юртга байрамлар, тўйлар ярашади” деган теран мазмун-моҳиятга эга ҳикматли ибора бор. Яратганга беадад шукроналар бўлсинки, Муҳтарам Юртбошимизнинг доно сиёсати туфайли халқимиз тинч, осойишта, фаровон ҳаёт кечирмоқда. Орзу ниятларга етишиш учун юрт истиқболи йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Фарзанд ва невараларини тарбиялаб камолини кўрмоқда. Инсон учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак!
Бугунги кенг кўламли бунёдкорлик ишларини, халқимизнинг келажакка бўлган ишончини кўриб, осуда ҳаётимизнинг қадрига етишимиз, шукроналик ҳисси билан яшаш кераклигини яна бир бор англаб етамиз.
Мана шу мунаввар лаҳзаларда сиз, азизларга энг эзгу тилакларимни изҳор этишдан бахтиёрман.
Барчангизни Наврўз айёми билан яна бир бор табриклаб, ўзимнинг қалбимдаги энг самимий тилакларни изҳор этаман!
Наврўзи олам юртимизга тинчлик, омонлик, бахт-саодат, қут-барака олиб келсин!
Ҳар бир оила, ҳар бир хонадонда яхши кунлар, тўй-томошалар кўп бўлсин!
Барчамизнинг эзгу орзу ниятлармиз ушалсин. Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!