Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Учкўприк тумани ҳокимлигининг расмий муносабати
2025-01-17 10:37:04 1903
Учкўприк тумани “Боғибўстон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилиб келаётган ногиронлиги бўлган фуқаролар ўзларига имтиёзли кредит асосида берилган уйлар тўловини амалга оширишда енгиллик сўраб, ижтимоий тармоқлар орқали йўллаган мурожаати юзасидан қуйидагилар маълум қилинади:
Ушбу манзилда жойлашган кўп қаватли уйлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сонли “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида 41 та оилага имтиёзли тарзда (бошланғич бадал тўловларисиз) берилган.
Таъкидлаш лозимки, ушбу оилаларга маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли ташкилотлар томонидан мунтазам равишда моддий-ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, ўтган 2024 йил давомида уларга уй-жой тўловлари учун ижтимоий дафтарлар ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 63,3 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилган бўлса, 24,9 миллион сўмдан зиёд нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловлар тўланган. Оилаларни тадбиркорликка йўналтириш ва доимий даромад манбаини яратиш мақсадида 7 та замонавий тикув машиналари субсидия тариқасида берилган. Шунингдек, турли байрамларда озиқ-овқат маҳсулотлари билан оилалар ҳолидан доимий равишда хабар олиб турилади.
Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга бундан кейин ҳам моддий ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатилиши давом этади.