Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Учкўприк зиёратгоҳлари: Зиёвуддин Ҳазиний меъморий ёдгорлиги ва уй-музейи мажмуаси
2025-01-28 10:50:19 400
Ўзбек мумтоз адабиёти ихлосмандларини жалб этаётган масканлардан бири – Учкўприк туманидаги Кенагас қишлоғида жойлашган Ҳазиний уй-музейидир.
Ҳазиний уй-музейи Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 июлдаги 630-сонли “Эркин Воҳидов мемориал музейи ҳамда Ҳазиний уй-музейи фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган. Айни кунда ушбу музей Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи филиали сифатида ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Музейнинг илмий концепцияси вилоят Маданият бошқармаси ходимлари томонидан ишлаб чиқилган. Ушбу концепцияга мувофиқ Ҳазиний даври ва унинг адабий мероси билан алоқадор экспонатлар йиғилиб, музей экспозицияси 400 дан зиёдни ташкил этди. Экспонатларнинг аксар қисми Ҳазиний даври тарихи ва маданияти билан боғлиқ бўлиб, ушбу буюмлар XIX аср охири ва XX аср бошларидаги Қўқон маданий ҳаёти, адабий муҳити ҳақида маълумот беради.
Ҳазиний ижодида ўз даври адабий муҳитида энг кўп қўлланган жанрлар – ғазал, мурабба, мухаммас, мусаддасларнинг сара намуналарини учратиш мумкин. Қўқон адабий муҳитида камолга етган Ҳазиний ижодининг мавзу кўлами кенг. Унинг адабий мероси – тўрт минг мисра атрофида. Ҳазиний ижодидаги панд-насиҳатлар, ўгитлар баркамол авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этади.
– Ҳазиний уй-музейига ташриф буюрувчилар сони йилдан-йилга ортаётгани бизни жуда қувонтиряпти, – дейди музей раҳбари Наргиза Ваҳобова. – 2024 йилнинг ўзида 4 минг нафардан ортиқ ҳамюртларимиз бу музейга ташриф буюриб, мумтоз адабиётимиз ёрқин вакилининг ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиб қайтишди.
Таъкидлаш керакки, XIX аср охири – XX аср бошларидаги Қўқон адабий муҳитининг кўзга кўринган вакили бўлган Ҳазиний ижоди кўп йиллар давомида халқимизнинг маънавий олами бойишига хизмат қилади.