Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Учкўприк туманида “Ёшлар дафтари”га киритилган 13 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланди
2023-08-28 15:23:50 379
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ёшларнинг мавжуд муаммо ва камчиликларини ҳал этиш, бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча ҳудудларда “Ёшлар дафтари”нинг юритилиши ҳар бир ўғил-қиз тақдири давлатимиз эътиборида эканлигидан далолат беради.
Учкўприк туманида ҳам ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари, таклиф ва истакларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкилланган навбатдаги тадбир давомида ҳам “Ёшлар дафтари”га киритилган 13 нафар учкўприклик йигит-қизнинг бандлиги таъминланди.
Тадбирда туман ҳокими Аброржон Асқаров, сектор раҳбарлари, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ходимлари, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари иштирок этди.
Тадбир аввалида туман ҳокими ёшлар, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар учун доимий даромад манбаи яратиш, касб-ҳунарга ўргатиш орқали аниқ ва манзилли қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
“Ёшлар дафтари”га киритилган 13 нафар хотин-қизга замонавий тикув машиналари ва меҳнат анжомлари топширилиб, улар учун доимий даромад манбаи яратиб берилгани ҳам бу каби ташаббусларнинг амалдаги намунаси бўлди.
Шу куни 12 нафар хотин-қиз замонавий тикув машиналарига, бир нафар ёш эса қурилиш-таъмирлаш жиҳозига эга бўлди. Эътиборли жиҳати, бу ускуналар эҳтиёжманд йигит-қизларнинг турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишларига кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш мақсадида субсидия асосида бепул тақдим этилди. Шунингдек, саломатлиги билан боғлиқ муаммолари бор 3 нафар ёшга даволаниш ҳаражатлари тўлаб берилди.
Ушбу имкониятлар ёшлар бандлигини таъминлаш билан бирга, йигит-қизларнинг ҳаётда муносиб ўрин топишида муҳим аҳамият касб этади.