Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Маҳалла еттилиги” – муаммоларни ҳал этишда катта куч
2024-02-26 17:00:33 896
Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда маҳалла институти муҳим ўрин тутади.
Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан “Маҳалла еттилиги” тизими йўлга қўйилди.
Мазкур фармон ва қарор мазмун-моҳияти ҳамда уларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш механизмларини ижрочиларга сифатли етказиш мақсадида Учкўприк туманида “маҳалла еттилиги” учун ўқув-семинари ўтказилди. Унда Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вакили Собиржон Муродов, уюшманинг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Адҳам Зиявитдинов, Учкўприк тумани ҳокими Қодиржон Эркабоев, масъул ташкилотлар раҳбарлари ҳамда тумандаги мавжуд маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари иштирок этди.
Ўқув-семинарида маҳалла раиси, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим, солиқ инспекторидан иборат “маҳалла еттилиги” бугун том маънода фуқароларнинг деярли барча ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишда, уларга қулай шарт-шароит яратишда муҳим тизимга айланаётгани таъкидланди.
Семинар давомида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини йўлга қўйиш, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишида кўмаклашиш, Юртбошимиз раислигида 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган маҳалла тизими фаоллари зиммасидаги устувор вазифалар, маҳалла идоралари орқали давлат хизматларини кўрсатиш, “маҳалла еттилиги”нинг асосий вазифалари каби долзарб мавзулар юзасидан зарур маълумот ва тушунчалар берилди.
Семинар якунида самарали фаолият олиб бораётган маҳалла фуқаролар йиғинларига компьютер тўпламлари топширилди.
Мазкур ўқувлар маҳаллабай ишлашга масъул бўлган шахслар фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.