Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 0 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

“Бобошбек” маҳсулотлари ташқи бозорда ҳам харидоргир

 2024-03-14 09:36:26    1293

PDF yuklash
Chop etish


Президентимизнинг тегишли қарори билан Учкўприк туманидаги “Бобошбек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 15 гектар майдонда енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, логистика ва савдо, ип йигирув-тикув комплекси қуриб битказилганидан кўпчиликнинг хабари бор. 
Бугунги кунда “Бобошбек” ишлаб чиқариш ва савдо мажмуасида тайёрланаётган маҳсулотлар нафақат ички бозорда, балки Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Озарбайжон каби қатор давлатларда ҳам харидоргир.
– Биз Учкўприк туманидаги мазкур енгил саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг савдосини Қирғизистоннинг Ўш, Баткен, Қорасув шаҳарларида ташкил этганмиз, – дейди қирғизистонлик тадбиркор Мирсаид Жуманазаров. – Маҳсулотлар табиий матолардан тайёрланаётгани ва уларнинг замонавий дизайни харидорларни ўзига жалб қиляпти. Босқичма-босқич сотиб олаётган маҳсулотларимиз ҳажмини ошириб бориш ниятидамиз. 
Яқинда “Бобошбек” савдо-ишлаб чиқариш комплексида тайёрланаётган трикотаж маҳсулотларини Озарбайжонга ҳам экспорт қилиш бошланди. “SHU NILUFAR TEKSTIL OLAMI” корхонаси томонидан озарбайжонлик ҳамкорлар билан эришилган узоқ муддатли келишувга асосан 48 минг долларлик 60 турдаги болалар кийимлари экспортга юборилди.
– “Бобошбек” ишлаб чиқариш ва савдо комплекси мен каби юзлаб тадбиркорларга ўз фаолиятини кенгайтириш имконини берди, – дейди яна бир трикотаж корхонаси раҳбари Ҳамидахон Акбарова. – Айни кунда 30 нафардан зиёд чеварларимиз бир ойда ўртача 25-30 минг дона болалар кийимини тайёрлашмоқда. Маҳсулотларимизга ички бозорда ва хорижий давлатларда талаб катта ва бу фаолиятимиз барқарор бўлишини таъминламоқда. 
Таъкидлаш керакки, ушбу лойиҳа амалга татбиқ этилгунича Учкўприк туманидаги Бобошбек, Бегмурод, Зиғир, Палохон, Яккамулла маҳаллаларидаги аҳоли ўз ҳовлисида тарқоқ ҳолда трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқарар, табиийки, улар ўзларининг имконияти даражасида фаолият юритишарди. Айни кунларда янги “Бобошбек” мажмуасида тадбиркорлар учун барча шароит яратилган. Туман иқтисодий салоҳиятининг юксалишига хизмат қилаётган мажмуада айни кунда 212 та трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи, 336 та савдо дўкони, 560 та кичик савдо расталари ва 2 та замонавий логистика маркази ташкил этилган.