Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Маҳалла драйвери: йилига 700 тонна лимон экспорт қилинмоқда
2024-11-02 15:42:19 1310
Учкўприк туманидаги маҳаллалардан 30 дан ортиғи ишсизликдан холи ҳудудга айланган бўлиб, бу борада ҳар бир маҳалла драйверини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим омил бўлмоқда.
«Катта Қашқар» маҳалла фуқаролар йиғини биринчилардан ушбу мақомга эришган ва лимончилик, цитрус мевалар етиштириш, кўчатчилик ҳудуднинг асосий драйвери ҳисобланади. Айни пайтда маҳалладаги 1367 та хонадоннинг 900 га яқинида лимон етиштирилади. Натижада ҳар йили ўртача 800 тонна лимон ҳосили олиниб, унинг 700 тоннаси МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда.
Айтиш жоиз, кейинги йилларда маҳаллада лимон билан бирга, мандарин, апельсин каби ноёб цитрус мевалар етиштириш, кўчатчилик жадал ривожланяпти. Маҳаллада бир неча лимончилик кооперациялари ташкил этилиб, цитрус мевалари кўчатлари етказиб бериш, агротехник ва кимёвий ишлов бериш, тайёр маҳсулотни сотиб олишгача бўлган барча жараёнда томорқачиларга кўмаклашилади.
— Хонадонларда асосан 2-6 сотихли, баъзиларида 20 сотихгача иссиқхоналар барпо этилган, — дейди «Катта Қашқар» МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Соҳибназар Худойберганов. — Битта оила лимончиликнинг ўзидан йилига ўртача 100 миллион сўмгача даромад олади.
Яқинда маҳаллада яшовчи қарийб 250 та оилага аукцион орқали ижарага 38,1 гектар ер ажратиб берилиб, катта ҳажмли замонавий иссиқхоналар ташкил этишга киришилди. Лимон кўчатлари ҳосилга киргунига қадар эса иссиқхоналарда тўқсонбости экинлари, шоли парваришлаш орқали қўшимча даромад олиш мумкин.