Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“BNBM Building Materials Central Asia”: корхонада ҳар куни 150 минг квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда
2024-12-12 13:51:58 36
Учкўприк тумани “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган янги лойиҳалар ҳамда бунёдкорлик ишларидан оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида навбатдаги пресс-тур ва матбуот анжумани ўтказилди. Унда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Пресс-тур доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган янги лойиҳалар фаолияти билан танишди. Бу ерда ташкил этилган истиқболли лойиҳалардан бири – “BNBM Building Materials Central Asia” корхонаси ОАВ вакилларида катта қизиқиш уйғотди.
2019 йилдан буён самарали ишлаб келаётган мазкур йирик саноат корхонаси қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Унда йилига 10 миллион квадрат метр гипсокартон, енгил пўлатдан 3 минг тонна профиль ва 40 миллион квадрат метр безакли гипсокартон ишлаб чиқариш қуввати мавжуд. Корхона масъулларининг маълум қилишича, ушбу лойиҳа доирасида 30 миллион долларлик инвестиция киритилган. Ҳар куни 150 минг квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Корхонада ишлаётган кадрлар орасида хорижда меҳнат қилган ва кейин юртига қайтиб, шу ерда фаолият бошлаган ёшлар ҳам бор. Масалан, энергетик Шоҳрух Одилов Фарғона политехника институтини тамомлаб, бир муддат хорижда ишлаган. Ҳозир эса у мазкур корхонада ўз соҳасида фаолият олиб боряпти.
Корхона маҳсулотлари сув ва оловга чидамлилиги билан ички ва ташқи бозорда катта талабга эга. Лаборант Шоҳрух Йўлдошхўжаевнинг қайд этишича, компания маҳсулотлари ҳар томонлама сифатли бўлиб, хорижий бозорда харидоргир.
– Бизнинг корхона “Яшил технология ва сифатли ҳаёт” шиори остида иш олиб боради. Ёритиш тизимларимиз қуёш батареяларига уланган бўлса, ишлаб чиқариш ускуналари энергия тежамкор двигателлар билан жиҳозланган, – дея таъкидлади Ш.Йўлдошхўжаев.