Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 4 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

МУЛКИЙ ҲУҚУҚЛАРНИНГ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯСИ ЯРАТИЛДИ

 2022-09-06 11:23:49    215

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон Президенти томонидан 2022 йил 24 август куни “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди.

Фармонга мувофиқ, мулк дахлсизлиги муҳофазасини янада мустаҳкамлаш ҳамда хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини оширишни назарда тутувчи бир қатор янги тартиблар жорий қилинди. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш мумкин эмас. Агар ҳужжат ноқонуний қабул қилинган бўлса, фақат суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Ердан ихтиёрий воз кечиш мулкдорнинг нотариал тасдиқланадиган аризасига асосан амалга оширилади. Энди бунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан расмийлаштириш талаб этилмайди.

Юридик шахс тугатилганда унинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасига бўлган ҳуқуқлари бекор қилинмайди ва ер давлат захирасига қайтариб олинмайди. Мазкур ерлар тугатилаётган юридик шахснинг муассисларига ўтади.

“Хабеас корпус” институти доирасида гумон қилинувчи, айбланувчининг мулкий ҳуқуқларига нисбатан cуриштирувчи ва терговчининг мол-мулкни хатлаш билан боғлиқ қарорлари кўриб чиқиш учун судга киритилади.

Эндиликда мулкдор ёки унинг вакили ўз мулкини ҳар қандай тажовуздан ҳуқуқни бузишга мутаносиб равишда ва ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасида мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Турар жойга нисбатан мулкдор билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш талаб этилмайди.

2023 йил 1 январдан “Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими” (UZKAD) кўчмас мулкка оид ягона ахборот базаси ҳисобланади. Бунда тизимдаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланади.

Агар турар жой UZKAD тизимидаги нотўғри маълумотларга ишониб харид қилинган бўлса, 3 йилдан кейин сотиб олувчидан (инсофли эгалловчи) ушбу уйни талаб қилиб олиш мумкин эмас. Дастлабки мулкдорга етказилган зарар давлат томонидан қопланиб, кейинчалик айбдордан ундирилади.

Ҳукумат ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги “снос” жамғармалари Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика ва ҳудудий мақсадли жамғармаларга (компенсация жамғармалари) айлантирилди.

Аҳоли ва тадбиркорларга етказилган қуйидаги зарарлар компенсация жамғармаларидан тўлаб берилади:

давлат органи, мансабдор шахс, хусусан, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари натижасида мулкдорга етказилган, суд қарори билан аниқланган зарар;

кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига ноқонуний ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг киритилиши натижасида унга ишониб ҳаракат қилган шахсларга етказилган зарар;

турар жой инсофли эгалловчидан талаб қилиб олинмаслиги натижасида унинг ҳақиқий эгасига етказилган зарар.

Судларда фуқароларга нисбатан мулкий даъволар киритишда давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари сони қисқартирилади, фуқаролар эса ўз мулкини ўзганинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволари бўйича давлат божидан озод қилинади.

 

В.Эркабаев

Учкўприк туман адлия бўлими бошлиғи